Соғлом турмуш тарзининг қарор топишида фаол жисмоний ҳаракат ҳам инсон саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади.Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра,соғлом турмуш тарзига риоя этилса, 80 фоиз юрак-қон томир, қандли диабетнинг 2 тури ва 40 фоиз ўсма касалликларини олдини олиш мумкин экан. Юриш тана учун энг табиий жисмоний жараён ҳисобланади. Шундай бўлса-да, аксарият одамлар имкон қадар камроқ пиёда юришга ҳаракат қиладилар. Эксперт ва олимларнинг пиёда юришнинг фойдаси ҳақидаги фикрларни Гиппократдан бошлаш мумкин, у тахминан 2400 йил аввал “Пиёда юриш – инсон учун энг яхши даво воситаси” деб айтган.
Пиёда юришнинг фойдаси бўйича қуйидагилар аниқланган:
- Мунтазам равишда пиёда юриш юрак-қон томир касалликлари хавфини 31 фоизга камайтиради;
- Олимлар томонидан йиллари давомидаги кузатишлардан мунтазам равишда пиёда юрган кишиларда ўлим ҳолати эҳтимоли ўзини ортиқча уринтирмаган кишиларга нисбатан 32 фоизга кам бўлганлиги аниқланган.
- Ҳафтасига 3 марта 30 дақиқа давомида бажарилган меъёрий жисмоний ҳаракат (пиёда юриш ёки велотренажерда шуғулланиш каби) – юрак-қон томир касалликлари натижасида келиб чиқадиган ўлим хавфини - 26 фоизга, бошқа барча касалликлар натижасидаги ўлим ҳолатларини эса 20 фоизга камайтирган.
Пиёда юришнинг фойдаси: 10 дақиқа: гипертония безовта қилмайди. Бир кунда 4 маротаба 10 дақиқадан пиёда юришни одат қилсангиз, қон босимингиз меъёрда бўлади.
15 дақиқа: бадантарбия. Тез-тез қадамлар билан кунига 120 одим ташласангиз, 15 дақиқада 100 ккал.дан халос бўласиз! Мана, сизга озишнинг арзон ва қулай усули!
20 дақиқа: хотиржамликка эришасиз! Асабий иш кунининг «юк»ларидан халос бўлмоқчимисиз? Унда ҳар куни 20 дақиқагина пиёда юринг. Натижа сизни, албатта, хурсанд қилади. Яна чекишни ташлашни истаганлар, хумор тутганда, 20 дақиқа пиёда юрсалар, бу хоҳиш айни шу дақиқаларда ўз-ўзидан йўқоларкан.
25 дақиқа: кайфиятингиз кўтарилади! Тоза ҳавода, ҳатто, ёмғирли кунда, ёлғиз ёхуд кўнгилга яқин инсонингиз билан атиги 25 дақиқагина сайр қилсангиз, ширин хотираларни эслайсиз, қалбингиз янги ва эзгу орзуларга тўлади. Натижада, ўзингизни бахтли ҳис қиласиз.
35 дақиқа пиёда юрганда. Тушкунликни енгиш учун вақтингизни аяманг! Ахир сиздан нима кетди? 35 дақиқа тоза ҳавода сайр этсангиз бас!
45 дақиқа: шамоллашга йўқ деймиз! Америкалик олимлар 45 дақиқа давомида марафонда қатнашган иштирокчиларнинг 50 фоизи шамоллашни енгиб ўтишганини таъкидлашади. Чунки айнан пиёда юрганимизда микроблар ва вируслар таслим бўларкан. Демак, айни кунларда сайр қилишни унутманг!
Сўнгги сўз ўрнида – кўпгина мутахассислар кунига 30 дақиқа пиёда юришни тавсия қилишади, лекин бу ерда қатъий қоидалар йўқ. Ўзингизга қулай вақтдагина шуғулланинг. Пиёда юриш сизга завқ келтириб, саломатлигингизнинг яхшиланиши учун хизмат қилсин. Пиёда юришни одат тусига киритиб, бундан роҳатлансангиз, бу – келишган қадди-қомат соҳиби ёки соҳибаси бўлишингиз ва мустаҳкам соғлиққа эришишингиз кафолатидир!